Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг рақамли таълим ҳафталигида ўз тажрибасини тақдим этди
Сентябрь 11, 2026. 19:46 • 2 дақ
• 30
ПАРИЖ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган рақамли таълим ҳафталигида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда ЮНЕСКО раҳбарияти, ташкилотга аъзо мамлакатлар таълим вазирлари, рақамли технологиялар соҳасидаги халқаро компаниялар вакиллари ҳамда дунёнинг 800 нафардан ортиқ эксперти қатнашди.
Ўзбекистондан Республика таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази делегацияси бошчилигида юртимизнинг турли ҳудудларидан ўқитувчилар иштирок этди. Вакилларимиз Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФнинг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Uzbekistan Vision 2030 Fund” қўшма дастурини тақдим этди.
Ҳафталик давомида ўқитувчиларнинг рақамли компетенцияларини ривожлантириш, таълимда сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган “Ишонч” лойиҳаси намойиш этилди.
Ялпи сессияларда ҳукуматлар, илмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари таълимда сунъий интеллектни қўллашнинг ахлоқий жиҳатлари, жумладан, рақамли тенгсизлик ва технологиялардан масъулиятли фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон номидан термизлик ўқитувчи Дурдона Бойназарова сўзга чиқди. У мамлакатимизда ўқитувчиларни ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланишга тайёрлаш борасидаги тажриба билан ўртоқлашди ҳамда “Ишонч” лойиҳасининг мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси