Logo

Ўзбекистоннинг бой маданий ва сайёҳлик салоҳияти Япониянинг Осака префектурасида ўтказилган халқаро фестивалда кенг намойиш этилди

Ноябрь 25, 2024. 13:30 • 2 дақ

1040
Ўзбекистоннинг бой маданий ва сайёҳлик салоҳияти Япониянинг Осака префектурасида ўтказилган халқаро фестивалда кенг намойиш этилди

ОСАКА, 25 ноябрь. /"Дунё" АА/. Япониянинг Осака префектурасида 37 давлат вакилларини бирлаштирган "Дўстлик" халқаро фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир иштирокчилари ўз мамлакатларининг маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти, тарихий диққатга сазовор жойларини намойиш этди. Улар орасида мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси кўмагида тайёрланган Ўзбекистон стенди яққол ажралиб турди.

Ўзбекистон стенди 100 дан ортиқ меҳмонларни, жумладан япон ташкилот ва ассоциациялари вакилларини ўзига жалб этган ҳолда, фестивалнинг энг кўп ташриф буюрилган майдонига айланди. Иштирокчилар Ватанимизнинг бой маданий ва сайёҳлик мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

 Ўзбекистон бўлимида Самарқанд, Бухоро ва Хива каби машҳур тарихий шаҳарлар, мамлакатимизнинг ҳунармандчилик анъаналари кенг намойиш этилди. Ўзбек ҳунармандларининг маҳорати ва ижодий руҳини ўзида мужассам этган миллий тўқимачилик, кулолчилик ва заргарлик буюмлари алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Фестивалнинг марказий воқеаларидан бири модалар намойиши бўлиб, унда ҳам Ўзбекистон вакиллари фаол иштирок этди. Мамлакатимизнинг анъанавий нақшлар, ёрқин ранглар ва бой тўқимачилик услубининг ўзига хослиги Япония жамоатчилиги ва меҳмонларини ҳайратга солди.

Осака префектурасида бўлиб ўтган "Дўстлик" халқаро фестивали халқларни бир-бирига яқинлаштиришда маданий дипломатия муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистоннинг бой тарихи, санъати ва меҳмондўстлиги билан фестивалнинг барча иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш