Logo

Хивада Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган "Strongmen" баҳодирлар ўйинлари халқаро турнири бошланди

Июнь 12, 2025. 11:59 • 2 дақ

653
Хивада Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган "Strongmen" баҳодирлар ўйинлари халқаро турнири бошланди

ХИВА, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Бугун Хива шаҳрида "Pahlavon Mahmud – Strongmen Games" халқаро мусобақаси бошланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Анъанага айланган турнир Хивада бешинчи бор ўтказилмоқда. Мусобақа ташкилотчилари – Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, Туризм қўмитаси, Халқаро Strongmen федерацияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар.

Бу йилги турнир айниқса қизиқарли ва курашларга бой бўлиши кутилмоқда, чунки иштирокчи давлатлар сони йилдан-йилга ортиб боряпти. 2025 йилда 20 та давлат вакиллари беллашади. Иштирокчи давлатлар қаторига Ўзбекистон, Украина, Австралия, Эрон, Исландия, Миср, Хитой, Покистон, Греция, Туркия, Ҳиндистон, Литва, Грузия, Шотландия, Озарбайжон, Чехия, Малайзия, Испания, Тожикистон ва Қирғизистон бор.

Дастурга кўра, иштирокчилар минтақа тарихи ва маданиятидан илҳомланган ҳолда қуйидаги етти йўналиш бўйича беллашадилар:

-"Қўқон аравасини тортиш";

-"Хива устунлари";

-"Тегирмончи";

-"Амударё қайиғини тортиш";

-"Чўгирма отиш";

-"Мўйноқ лангари";

-"Жалолиддин ва Амир Темур қиличлари".

Бешинчи халқаро турнирнинг янгилиги ўтказиладиган жойнинг ўзгариши бўлди. Бу йилги мусобақалар "Арда Хива" туристик мажмуаси ҳудудида ўтказилмоқда. Мажмуа йилига 3 миллионгача сайёҳни қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, 2000 дан ортиқ кишини иш билан таъминлайди. " Strongmen Games " халқаро мусобақалари спорт туризми соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ички ва ташқи бозорда кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида ташкил этилди. Турнирни ташкил этишда маҳаллий анъаналарни асраб-авайлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш