Logo

Тошкентда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев адабий меросига бағишланган халқаро анжуман бошланди

Август 15, 2025. 10:33 • 2 дақ

244
Тошкентда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев адабий меросига бағишланган халқаро анжуман бошланди

ТОШКЕНТ, 15 август. /"Дунё" АА/. Бугун Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) қозоқ мумтоз адабиётининг асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай Қўнонбоевнинг маънавий меросига бағишланган халқаро анжуман ўз ишини бошлади, дея хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Қозоғистон элчихонаси кўмагида МОХИ томонидан ташкил этилди. Анжуман "Абай Қўнонбоев маънавий меросининг Марказий Осиё халқлари маданий интеграциясини мустаҳкамлашдаги ўрни" мавзусида бўлиб ўтаяпти.

Мазкур конференция Марказий Осиё минтақасининг маданий-гуманитар кун тартибида алоҳида ўрин тутади ва давлат идоралари, дипломатик корпус, илмий-ижодий доиралар, шунингдек, талаба ва академик ҳамжамият вакиллари учрашадиган, ўзаро мулоқот қиладиган муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Иштирокчилар орасида Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ташкилотлар дипломатлари, тадқиқотчилар, ёзувчилар, таржимонлар, санъат ва маданият арбоблари, шунингдек, Ўзбекистоннинг қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, озарбайжон, белорус, рус, татар ва бошқирд маданият марказлари вакиллари бор.

Муҳокамаларда инсон, жамият, таълим ва маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақидаги ғоялари ХХI асрда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, давлатлараро мулоқот ва маданиятлар учун илҳом манбаи бўлиб келаётган атоқли қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллиги ҳамда кўп қиррали мероси муҳокама қилинмоқда.

Тадбир маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, маданиятлараро мулоқот уфқларини кенгайтиради ва буюк мутафаккирлар мероси Марказий Осиё халқларининг ўтмиши ва келажаги ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олишини намойиш этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш