Logo

Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 2153 та асосли таклиф асосида шакллантирилди

Февраль 20, 2026. 19:11 • 3 дақ

57
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 2153 та асосли таклиф асосида шакллантирилди
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 2153 та асосли таклиф асосида шакллантирилди
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 2153 та асосли таклиф асосида шакллантирилди

ТОШКЕНТ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Бугун Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегия лойиҳаси бўйича ўтказилган жамоатчилик муҳокамалари натижалари, билдирилган таклифлар, киритилган ўзгартиришлар ҳамда кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномасига мувофиқ, стратегиянинг такомиллаштирилган лойиҳаси regulation.gov.uz ва uzbekistan2030.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. 2025 йил 30 декабрдан 2026 йил 28 январгача бўлган муддатда 3 564 та фикр ва таклиф келиб тушган.

Шулардан 2 153 таси асосли таклиф сифатида баҳоланиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилинган. 751 таси такрорланувчи, 340 таси қўллаб-қувватловчи фикрлар, 320 таси эса танқидий мулоҳазалардан иборат. Муҳим жиҳати шундаки, асосли деб топилган таклифлар аниқ самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) сифатида киритилган.

Энг кўп таклифлар таълим, экология, рақамлаштириш, энергетика ва транспорт соҳаларига оид бўлган. Шу билан бирга, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, соҳа мутахассислари ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинган.

Стратегияга киритилган қатор кўрсаткичлар жамоатчилик таклифлари асосида шакллантирилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, олий таълим битирувчиларининг доимий иш билан таъминланиш даражасини 65 фоизга етказиш, 39 ёшгача бўлган тадқиқотчилар улушини 61 фоизга чиқариш, тиббиёт муассасаларини 100 фоиз рақамлаштириш, бошқарув лавозимларида хотин-қизлар улушини 35 фоизга, давлат фуқаролик хизматини эса 40 фоизга етказиш бўйича жамоатчиликнинг кўплаб таклиф ва ташаббуслари ўрганиб чиқилган.

Шаҳар ва туман марказларида яшиллик даражасини 30 фоизгача ошириш, 21 миллион гектар яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотлар ўтказиш, нотариал хизматларнинг камида 30 фоизини онлайн форматга ўтказиш каби кўрсаткичларни шакллантиришда ҳам кенг жамоатчиликнинг фаоллиги кузатилган.

Бу кўрсаткичлар ижтимоий адолат, гендер тенглиги, рақамли трансформация ва экологик барқарорлик каби глобал кун тартибидаги йўналишлар билан уйғун эканини кўриш мумкин.

Шу йил 16 февралда Шавкат Мирзиёевнинг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси расман тасдиқланди.

Стратегияда 100 та мақсад ва 437 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланган. Ҳар бир кўрсаткичнинг молиявий манбалари аниқ кўрсатилиб, уларнинг ижроси йилма-йил режалаштирилган. Ҳужжат доирасида 60 га яқин давлат органига аниқ вазифалар юклатилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий масъулият юклатилиб, ҳар йили Давлат бюджетини шакллантириш жараёнида Стратегия кўрсаткичлари алоҳида инобатга олинади. Амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш учун республика комиссияси тузилган.

Мониторинг натижалари асосида ҳар ярим йилда Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва Республика комиссиясига ахборот тақдим этилади. Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот беради. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарган ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Шу тариқа, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат устувор мақсадларни белгилаб берувчи дастурий ҳужжат, балки аниқ индикаторлар, молиявий таъминот ва кучли назорат механизмига эга бўлган тизимли ислоҳотлар дастури сифатида амалга оширилади.

Тадбир якунида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга Агентлик ва “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарияти ҳамда масъул мутахассислари томонидан атрофлича жавоб берилди. 


Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш