Logo

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида ХХР Раисининг ўзбек тилига таржима қилинган китоблари тақдимоти ўтказилди

Февраль 02, 2026. 20:35 • 3 дақ

159
Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида ХХР Раисининг ўзбек тилига таржима қилинган китоблари тақдимоти ўтказилди

ТОШКЕНТ, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида нашр этилган “Давлат бошқаруви тўғрисида”, “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида”, “Қашшоқликдан халос бўлиш” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Хитой элчиси Юй Цзюнь, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказларининг 500 дан ортиқ масъул ходими, ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Нотариал палатаси, илмий ва академик доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Миллий марказ ходимлари ҳамда докторантлари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

ИҲММ директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини тубдан ошириш мақсадида бир одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланганига эътиборни қаратди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда, жумладан, “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади. Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади ва танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.

Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази хорижий ва миллий ҳамкорлар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифатни ривожлантиришга мунтазам эътибор қаратиб келаётгани диққатга лойиқ. Бугунги кунда юртимиздаги юзлаб кутубхоналарда “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилгани ҳамда мунтазам равишда янги китоблар билан тўлдириб борилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Ўз навбатида, элчи Юй Цзюнь Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин қаламига мансуб “Давлат бошқаруви тўғрисида”, “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида”, “Қашшоқликдан халос бўлиш” номли китобларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида мухтасар сўз юритди. Хитой элчиси ушбу тақдимотни юқори савияда ташкил этгани учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказига миннатдорчилик билдирди.

Хитой элчихонаси томонидан Инсон ҳуқуқлари уйига қарийб 800 та адабиёт беғараз тақдим этилди.

Сўзга чиққанлар тақдим этилган адабиётлар Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи нуфузли манбалар сифатида катта аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Ушбу китоблар орасида ўзбек тилида ҳам нашр этилган манбаларнинг кўплиги Ўзбекистон ва Хитой жамиятлари ўртасида ўзаро илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши эътироф этилди.

Инсон ҳуқуқлари ва Хитой маданиятига оид китоблар нафақат Инсон ҳуқуқлари уйи фонди, балки мамлакатимиздаги етакчи ахборот-кутубхона марказлари фондини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунида Хитой элчихонаси совға қилган китоблардан 350 таси Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун ажратилди. Бу ҳақда Миллий кутубхона масъулларига тегишли сертификат топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш