Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон–Беларусь товар айирбошлаш ҳажми 13, хизмат кўрсатиш эса 30 баробардан зиёдга ошди

Июль 02, 2026. 18:00 • 4 дақ

61
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон–Беларусь товар айирбошлаш ҳажми 13, хизмат кўрсатиш эса 30 баробардан зиёдга ошди

МИНСК, 2 июль. /“Дунё” АА/. Минскда “Беларусь ва Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги йўналишлари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Беларусь Стратегик тадқиқотлар институти (БСТИ) ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Беларус дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари вакиллари, шунингдек экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Беларус томонидан тадбирда иқтисодиёт вазири, Беларус Миллий экспортни қўллаб-қувватлаш маркази, “Белтаможсервис” давлат корхонаси, “Халқаро бизнес альянси” компанияси, “Транстехника” Миллий транспорт илмий-тадқиқот институти ҳамда “ИБА ИТ Парк” хорижий корхонаси раҳбарияти ва мутахассислари қатнашди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан СМТИ, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги вакиллари ўрин олди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон–Беларус ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Ўзаро савдо, саноат ва агро­саноат кооперацияси, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш асосий мавзулар қаторидан ўрин олди.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда БСТИ директори Олег Макаров сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Унинг таъкидлашича, мамлакат ташқи сиёсий фаолиятини сезиларли даражада фаоллаштириб, юқори ва олий даражадаги кўплаб халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда ҳамда минтақадаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.

Унинг фикрича, Беларусь ва Ўзбекистон ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатларни шакллантиришга эришган. Бугунги кунда Беларус ва Ўзбекистон ўртасида деярли ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.

Беларуснинг юртимиздаги элчиси Александр Огородников Беларусь–Ўзбекистон муносабатлари барқарор ва изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Дипломат фикрича, икки давлат ўртасида амалда стратегик шериклик шаклланган бўлиб, у янги лойиҳа ва ташаббуслар билан изчил бойитиб борилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Дипломат савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ижобий суръатларда ривожланаётганини қайд этди. У жорий йил якунларига кўра Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми нафақат 1 миллиард АҚШ долларига етиши, балки ушбу кўрсаткичдан ошишига ишонч билдирди.

“Навбатдаги стратегик вазифа ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишдан иборат. Мазкур мақсад юксак маррани назарда тутишига қарамай, томонлар ўсишнинг янги нуқталари ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини изламоқда”, деди Александр Огородников.

Шу билан бирга элчи ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритиб, саноат ва агросаноат кооперациясини устувор йўналишлар сифатида қайд этди. Унинг баҳолашича, Беларусь ишлаб чиқариш қувватларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш катта имкониятларни очиб беради. Республиканинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.

Дипломат транспорт-логистика салоҳиятига алоҳида тўхталиб, Беларусь ва Ўзбекистоннинг денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги икки давлатни самарали транспорт йўлакларидан фойдаланишга манфаатдор этаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, глобал транспорт йўналишлари трансформацияланаётган шароитда замонавий логистика инфратузилмаси иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланиши мумкин.

Ўз навбатида, Беларусь иқтисодиёт вазири Юрий Чеботарь икки томонлама ҳамкорлик изчил ва жадал ривожланаётганини юксак баҳолаб, сўнгги 10 йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 баравар, хизматлар савдоси ҳажми эса 30 баравардан ортиқ ошганини таъкидлади.

“Бугунги кунда Ўзбекистон Беларусь билан товарлар ва хизматлар бўйича ўзаро савдо ҳажми жиҳатидан учинчи, МДҲ давлатлари орасида Беларус инвестицияларининг жамғарилган ҳажми бўйича эса иккинчи ўринни эгаллайди”, деди у.

Вазир устувор йўналишлар қаторида саноат кооперациясини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Беларусь технологиялар трансферини таъминлаш ҳамда замонавий иш ўринларини яратишни назарда тутувчи қўшма лойиҳаларга инвестиция киритишга тайёр.

Бундан ташқари, Юрий Чеботарь технологиялар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, туризм ва хизматлар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан Беларус манфаатдор эканини таъкидлади.

Тадбир якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирди ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган амалий тавсияларни ишлаб чиқишнинг самарали механизми сифатида мунтазам экспертлар мулоқотини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш