ЖИДУда битирувчиларга тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди

Июль 10, 2026. 20:30 • 3 дақ

114
ЖИДУда битирувчиларга тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 10 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)да бакалавриат босқичини муваффақиятли якунлаган 510 нафар битирувчига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда битирувчилар, профессор-ўқитувчилар, давлат идоралари ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев битирувчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилди.

ЖИДУ ректори сўнгги йилларда университетда кенг кўламли трансформация амалга оширилганини таъкидлади. Хусусан, таълим дастурлари янгиланди, профессор-ўқитувчилар таркиби кенгайтирилди, етакчи хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, икки диплом дастури йўлга қўйилди.

Ректор амалга оширилаётган барча ўзгаришлар дипломатия, давлат бошқаруви, халқаро муносабатлар, ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бизнес соҳаларида самарали фаолият юрита оладиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга қаратилганини алоҳида таъкидлади. У битирувчиларни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка, ўз билимларини доимий такомиллаштириб боришга, хорижий тилларни пухта ўрганишга, мураккаб вазифалардан чўчимасликка ва Ўзбекистонга муносиб хизмат қилишга даъват этди.

Содиқ Сафоев ўз нутқида университет билан алоқани сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиб, ЖИДУ шунчаки диплом берадиган маскан эмас, балки битирувчилари ўзининг ҳалоллиги, профессионаллиги, маданияти ва ватанпарварлиги билан муносиб намоён этиши лозим бўлган катта касбий оила, тан олинган бренд эканини таъкидлади. У, шунингдек, бутун ўқиш даври мобайнида талабаларни қўллаб-қувватлагани учун ота-оналарга самимий миннатдорлик билдирди.

Шунингдек ўқинг

Маросим доирасида университет ҳаёти ва талабаларнинг ютуқларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, битирувчиларни Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик миссиялари бошлиқлари ҳам табриклади.

Юқори академик натижаларга эришган ва университетнинг ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатган 50 нафардан ортиқ битирувчи алоҳида эътироф этилди. Қолган битирувчиларга диплом ва сертификатларни Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда ЖИДУ раҳбарияти топширди.

Тантанали тадбир талабалар ва таклиф этилган санъаткорлар иштирокидаги байрам концерти билан якунланди.

2026 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини 510 нафар бакалавр тамомлади. Битирувчиларнинг салмоқли қисми Европа, Осиё ва АҚШнинг етакчи университетларида ўқишни давом эттирди. Халқаро муносабатлар, иқтисодиёт, сиёсатшунослик ва ҳуқуқшунослик энг талабгир йўналишлар бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда ЖИДУ 60 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб, талабаларга академик алмашинув, қўшма таълим дастурларида иштирок этиш ва хорижда ўқишни давом эттириш имкониятларини тақдим этмоқда. Университетнинг кўплаб битирувчилари ҳозирда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ва бизнес тузилмаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш