Тошкентда I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бошланди
Июль 07, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 272
ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” номли I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган мазкур форум Ислом цивилизацияси маркази томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Очилиш маросимида 50 дан ортиқ давлатдан 300 нафарга яқин хорижий меҳмон, жумладан, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, таниқли исломшунос олимлар, қўлёзма мероси бўйича мутахассислар, музейлар, кутубхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Форум ишида ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Халқаро туркий академия президенти Шоҳин Мустафоев, шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг халқаро ташкилотлари, илмий ҳамжамияти ҳамда уламолари вакиллари қатнашмоқда.
Форум дастуридан 4 та халқаро анжуман, 10 та ялпи мажлис, 15 та ялпи сессия ва 6 та шўъба йиғилиши ўрин олган. Ислом цивилизацияси тарихи, ҳадисшунослик, калом илми, қўлёзма меросни ўрганиш, археология, музейшунослик, маданий меросни асраш, рақамлаштириш, маданий дипломатия, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлмоқда.
Дастурда ICESCO, IRCICA ва бошқа хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда тайёрланган янги илмий нашрлар ва қўшма лойиҳалар тақдимотлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шунингдек, халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган меморандумлар ва битимларни имзолаш режалаштирилган.
Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманлар форумнинг муҳим қисми бўлади. Ушбу тадбирлар давомида олимлар ҳадисшунослик, ислом тафаккури, қўлёзма манбаларни ўрганиш ва маданий меросни сақлаш масалаларини муҳокама қиладилар.
Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми минтақадаги энг йирик халқаро илмий-маърифий майдонлардан бирига айланиши, гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши, тинчлик, илм-фан, маърифат ва диний бағрикенглик ғояларини илгари суриши, шунингдек, ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини оммалаштиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси