Logo

"Tandir Fest" фестивали доирасида ОАВ вакиллари учун Бойсун тумани бўйлаб пресс-тур ташкил этилди

Май 05, 2025. 18:55 • 2 дақ

84
"Tandir Fest" фестивали доирасида ОАВ вакиллари учун Бойсун тумани бўйлаб пресс-тур ташкил этилди

БОЙСУН, 5 май. /Дунё" АА/. Сурхондарё вилоятининг бетакрор табиати, бой тарихи ва маданий мероси билан машҳур Бойсун туманида ўтказилган "Tandir Fest" фестивали катта муваффақиятга эришди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган "Tandir Fest" фестивали доирасида Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва оммавий контент яратувчилар, шунингдек, блогерлар учун Бойсун тумани бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Дастурнинг асосий тадбирларидан бири "Қизил каньон" ҳудудига ташриф бўлди. Тахминан 30 километр узунликдаги бу сирли гўша нафақат ўзининг ғайриоддий ландшафти билан, балки ҳали илмий томондан пухта ўрганилмаган сирларни ўз бағрига сақлаб келмоқда. Бундай ҳодисалардан бири, ўчирилган машинани дарага тушишда қолдирилса, ҳайдовчи иштирокисиз машинанинг қандай кўтарилишини кузатиш мумкин. "Қизил каньон" табиати сирли ва жозибали феноменларга қизиқувчиларни ўзига фаол жалб қилиши шубҳасиздир.

Кейинги манзил Бойсун туманида жойлашган Хўжамайхона зиёратгоҳи бўлди. "Хўжамайхона" шифобахш булоқ суви табиий минералларга бойлиги билан шуҳрат қозонган. Зилол сув юрак, қон-томир, гетатит касаллиги, буйрак ва ўт қопи тошлари, ошқозон яраси касалликларига фойда беради.

Журналистлар яна бир ажойиб манзил – "Тангисар" каньонига бордилар. Бу каньондан узоқ вақтлардан буён бир неча минг ёввойи каптарлар макон топган ва шунинг учун бу жой "каптархона" деб ном олган. Бир вақтлар каньон бутунлай бўш бўлган, фақат жуда кўп сонли каптарларгина бу ерни ошён тутган. Каптархона – тор даралар бўйлаб чўзилган эгри сўқмоқдан иборат. Йўл бўйлаб турли кўринишдаги ва ҳажмдаги ҳарсангтошлар учрайди. Мафтункор қоя тошлар ортида эса ажойиб табиат манзаралар яширинган.

Сурхондарё вилояти Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилмурод Хафизовнинг айтишича, каптархона каньонида ҳар йили минглаб ёввойи каптарлар уя қуради. Бу омил ҳудудга ўзига хос муҳит ва табиий уйғунликни бахш этади.

"Йўлда катта тошлар ва кўплаб сўқмоқлар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ажойиб, гўзал манзараларни тақдим этади. Бу жой экотуризм ва пиёда юришни хушкўрувчи сайёҳлар учун ажойиб маскандир", деди у.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш