Logo

Ўзбекистон музейларидаги ноёб тарихий экспонатлар Британияда намойиш этилади

Февраль 19, 2024. 07:34 • 2 дақ

2502
Ўзбекистон музейларидаги ноёб тарихий экспонатлар Британияда  намойиш этилади

ЛОНДОН, 19 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ва Маданий мерос агентлиги вакилларининг Лондондаги Британия музейи раҳбарияти билан учрашуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.



Музокаралар чоғида Британия музейи негизида Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилиш, икки мамлакат музейлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, 2024 йил сентябридан 2025 йил мартигача Британия музейида Ўзбекистон музей экспонатлари намойиш этиладиган «Ипак йўли» кўргазмаси юқори даражада ташкил этишга келишиб олинди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистондаги музей коллекцияларидан кўргазмада намойиш этиладиган ноёб экспонатлар тасдиқланди. Жумладан, мазкур кўргазмада Афросиёб музейидаги элчилар тасвирланган деворий сурат,  Варахшадаги қизил рангли хонадан олинган деворий сурат, Кофирқалъадан топилган ноёб ўймакор панно ва Сўғд даврига оид экспонатлар намойиш этилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг илгари ҳеч қаерда намойиш этилмаган айрим ноёб экспонатлари Британия музейи кўргазмасининг дурдонасига айланади ва бу ўз навбатида, мамлакатимиз тарихий-маданий меросини дунёда янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Британия музейи дунёдаги қадимий, энг катта ва энг кўп томошабин келадиган музейлардан биридир. Музей 1753 йилда қироллик шифокори ва санъат коллекционери Ханс Слоан томонидан асос солинган ва ўз коллекциясини давлатга мерос қилиб қолдирган. Умуман олганда, музей кўргазмалари 94 та галереядан иборат, уларнинг умумий узунлиги 4 километр.

Айни пайтда мазкур маданий-тарихий мажмуа қадимги дунёнинг ноёб коллекцияларига эга жаҳондаги энг йирик тарихий ва археологик музей ҳисобланади. Музейга ҳар йили бутун дунёдан 5,5-6 миллион киши келади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш