Logo

Берлинда Германиядаги ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди

Октябрь 05, 2025. 11:04 • 4 дақ

258
Берлинда Германиядаги ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди

БЕРЛИН, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Германияда фаолият юритаётган Ўзбекистон тиббиёт ходимларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчихона томонидан "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти (DUMGKA) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда жамият аъзолари, мезбон мамлакат тиббиёт соҳасида меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик шифокорлар, ҳамширалар, илмий изланувчилар ҳамда соҳа бўйича таҳсил олаётган талабалар қатнашди.

Қурултойдан асосий мақсад ўзбек-немис тиббиёт ҳамжамияти ўртасидаги алоқаларни тизимлаштириш, билим ва тажриба алмашувини доимий платформага айлантириш бўлди.

Тадбирнинг очилиш қисмида мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов иштирокчиларни биринчи қурултой билан қутлади ва уларга мувафаққият тилади. Дипломат икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш стратегик устувор йўналиш эканини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон – Германия ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий янгиликларни жорий этиш устувор йўналиш эканлигини қайд этди.

2023 йилдан бери Самарқанд ва Берлинда ташкил этиб келинаётган форумларнинг аҳамиятини қайд этилди. Шунигндек, 2026 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги форум ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда янги ташкил этилаётган Германиядаги ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари жамиятининг мақсад ва вазифалари ҳамда режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

"Кох-Авиценна" Германия–Ўзбекистон тиббиёт жамияти (DUMGKA) раиси профессор Ҳельмут Хан немис ва ўзбек тиббиёт мактаблари ўртасидаги тарихий ҳамкорлик ва унинг бугунги кун амалиётидаги аҳамиятига эътибор қаратди. У қўшма илмий-амалий анжуманлар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, лаборатория стандартларини яқинлаштириш ва телемедицина ечимларини жорий этиш каби йўналишлар амалий натижа беришини таъкидлади.

Шунингдек, сўзга чиққанлар мамлакатларимиз тиббиёт ўқув муассасалари ва клиникалари ўртасида билим ва тажриба алмашиш, телемедицина ҳамда турли замонавий даволаш ёндашувлари бўйича фаол ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрликларини билдирдилар.

Ларс Дрегер, "Vivantes Auguste-Viktoria-Klinikum in Berlin" клиникаси шифокори:

– Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан анестезия соҳасида биргаликда ишлаётганимдан мамнунман. Ушбу ҳамкорликни ўзаро тажриба алмашишда катта имконият деб биламан. Келгусида ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига ва яқин келажакда Берлинда ўзбекистонлик яна кўплаб ҳамкасбларимизни қутлашга умид қиламан.

Янги ташкил этилаётган жамият қўшма дастур ва лойиҳаларни ривожлантириш ва амалга ошириш имкониятини яратади, албатта. Бундан ташқари, тиббий таълим ва илмий тақдимотларни амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшиш ҳамда икки мамлакат ўртасида соҳа бўйича билим ва тажриба алмашинувига хизмат қилади.

Ўткир Ибрагимов, "Германиядаги ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари жамияти" раиси, Болалар ва ўсмирлар психиатрия, психология, психосаматика бўлими шифокори:

Ҳозирги кунда Германияга Ўзбекистондан камида 350 нафардан ортиқ тиббиёт ходими ишлаяпти. Барча ватандош шифокорларнинг Ўзбекистон тиббиётини ривожлантиришга ўз ҳисса қўшиш ниятида. Мана шундай ташаббус, ғоялар ва фикрларни бир жойга тўплаб, қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзбекистонлик шифокорлар жамиятини ташкил қилаётмиз. Жамият тузилмаси орқали нафақат Германиядаги шифокорлар, балки фармацевтлар, кичик ва ўрта тиббиёт ходимларини бирлаштириш, ўзаро ёрдам бериш, шунингдек, мамлакатимизда ушбу соҳани янада ривожлантиришга ҳисса қўшишни ният қилганмиз. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан таъкидлаганидек, Ўзбекистонда тиббиёт илғор тарзда ривожланиб бормоқда. Биз Германиядаги шифокорлар бунга ўз ҳиссамизни қўшишдан жуда мамнунмиз. Бугунги йиғилишимиз давомида янги очилаётган жамиятимизнинг режалари, мақсадлари ва келгусидаги лойиҳалари ҳақида фикр алмашдик. Тадбир давомида шифокор ватандошларимизнинг нафақат тиббиёт ривожига, балки аҳолининг тиббий маданиятини ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёрлигидан жуда мамнун бўлдик.

Умиджон Абдукаримов, Байройт шаҳри клиникаси шифокори:

– Ўзбекистонда ошқозон ва меда-ичак йўллари, онкологик касалликлари жуда кўп учрайди. Бунинг бирламчи сабаблари нотўғри овқатланишга бориб тақалади, етиштирилаётган сабзавотларга ишлатиладиган жуда кўплаб сунъий озуқалар туфайли бу касалликлар келиб чиқмоқда. Бугунги тадбирда бу тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Германиядаги даволаш усуллари қўлланмаларини ўзбек тилига таржима қилиш, уларни тўғри қўллаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Аброр Валиханов, "Vivantes Auguste-Viktoria-Klinikum in Berlin" клиникасида анестезиолог-шифокор:

– Сўнгги икки йилдан буён Берлин шаҳрида ишлайман. Кўплаб янги билим ва кўникмаларни ўзлаштирдим, бугун Германияда тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган ўзбек тиббиёт ходимлари жамиятини очиш юзасидан элчихонада фикрни алмашдик. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун аcтойдил ҳаракат қилишга тайёрмиз ва келажакда айнан шу жамият катта ютуқларга ва натижаларга эришишига ишончим комил.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш