Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида "Элчи ва ватандошлар учрашуви" мавзусида тадбир бўлиб ўтди
Апрель 24, 2025. 18:08 • 2 дақ
• 58
ПУСАН, 24 апрель. /"Дунё" AА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги "Dong-A" университетида "Элчи ва ватандошлар учрашуви" мавзусида тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жанубий Кореяда вақтинча истиқомат қилаётган, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ва таҳсил олаётган юзга яқин фуқароларимиз иштирок этган тадбирда Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов дастлаб ватандошларни элчихона фаолияти билан таништирди.
Қайд этилдики, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа қатор йўналишлар билан биргаликда, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини чет элда ҳар томонлама ҳимоя қилиш, хорижда яшаётган ватандошлар билан самарали алоқа ва муносабатлар ўрнатиш, шунингдек, хорижий давлатлардаги ўзбек диаспоралари вакиллари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида муҳим ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда "Ўзбекистон–2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Учрашувда ватандош талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга Ўзбекистон элчисидан батафсил жавоб олдилар.
Шартнома асосида ўқиётган талабаларга грант дастурларини жалб қилиш, илмий иш билан шуғулланаётган ёшлар учун Ватанга қайтганда ўз соҳасида меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун имкониятлар, ватандошлар иштирокида Ўзбекистонга фойдаси тегадиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ватандошларимиз фарзандлари учун ўзбек тилини ўргатувчи, маданиятимиз ва тарихимиз билан таништирувчи марказлар ташкил этиш каби таклифлар билдирилди. Шунингдек, фуқароларнинг консуллик хизматларидан фойдаланишида қулайликлар яратилиш, ушбу хизматларни рақамлаштириш борасидаги режа ва ташаббуслар, сунъий интеллект мутахассисларига Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни Корея Республикасида туриб амалга ошириш имкониятлари, Ўзбекистон фуқаролари томонидан Жанубий Кореяда яратилган сунъий интеллект стартапларини қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Тадбирда сўзга чиққан ҳамюртларимиз Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг юқори малакали мутахассислар бўлиб етишишлари, хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар марказларида билим олишлари учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда чет элдаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган диққатга молик чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги ватандошлар учун сайёр қабул ўтказилди
АҚШдаги Браун университетида отишма вақтида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Норвегиядаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди