Logo

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган ватандош талабалар дуч келаётган муаммолар ўрганилди

Октябрь 24, 2025. 13:04 • 56 сония

43
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган ватандош талабалар дуч келаётган муаммолар ўрганилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари Санкт-Петербург давлат технология институти раҳбарияти ва бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Олий таълим муассасаси раҳбариятига кўра, мазкур олий таълим муассасасида 1000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари таҳсил олмоқда.

Институтнинг халқаро ҳамкорлик бўлими вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда бошқа олий таълим муассасаларига кўчиб ўтишда қийинчиликларга дуч келган талабалар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Жорий йил апрель ойида кузатилган диплом тан олинмаганлиги ва Россия миграция қонунчилигининг бузилиши айбловлари билан ўзбекистонлик талабаларнинг оммавий равишда талабалар рўйхатидан чиқариб юборилиши билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.

Санкт-Петербург давлат технология институти вакиллари талабаларни бошқа университетларга кўчириш учун зарур ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари бошланганини маълум қилди.

Учрашувда иштирок этган Россия Ички ишлар вазирлиги вакили Инна Бистрова Россиянинг миграция сиёсати ҳақида гапириб, миграция қонунчилигига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Бош консулхона ходимлари Россия яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб, мезбон мамлакатнинг миграция оид қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлашди.

Учрашувда ватандош талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига расмийлардан атрофлича жавоб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш