Logo

Скандинавия давлатларидаги ватандошларнинг фарзандлари учун ўзбек тилидаги онлайн мактаб очилди

Апрель 28, 2025. 15:25 • 2 дақ

188
Скандинавия давлатларидаги ватандошларнинг фарзандлари учун ўзбек тилидаги онлайн мактаб очилди

СТОКГОЛЬМ, 28 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ташаббуси билан Скандинавия давлатларидаги ватандошларнинг фарзандларини ўзбек тилида ўқитиш бўйича онлайн мактаб очилди, хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Лойиҳа Тошкент шаҳридаги Нордик халқаро университети ва Скандинавия давлатларидаги ўзбек ватандошлари уюшмалари томонидан амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек тилини мавқеини ошириш, айниқса хорижда истиқомат қилаётган ва вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз фарзандларига она тилини ўргатиш, улар онгида миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни сингдириш масалаларига давлат даражасида устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ҳам фаол иштирок этяпти.

26 апрел куни мазкур лойиҳани ишга тушириш бўйича вебинар ўтказилди. Унда лойиҳа ташаббускорлари, Швеция, Дания ва Норвегиядаги юртдошларимиз иштирок этишди. Вебинарда ўқув машғулотларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

– Скандинавия давлатларида минглаб ўзбек юртдошларимиз истиқомат қилади ва меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Улар билан ўтказилган мулоқотларда ватандошларни ташвишга солаётган энг асосий мавзулардан бири – бу ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш эканлиги маълум бўлди. Жаҳон тажрибасидан маълумки, иккинчи ва учинчи авлод муҳожирларида ушбу ришталарнинг сусайиши ва ҳатто узилиш хавфи мавжуд.

Фарзандларга она тилини ўргатиш орқали бундай "кўринмас" таҳдиднинг олдини олиш мумкин. Давлат-хусусий шериклик шаклида ишга солинаётган лойиҳамизнинг асл мақсадиям шундан иборат – дейди Тошкент Нордик халқаро университети ректори, профессор Шерзод Мустафоқулов.

– Швециядаги минглаб юртдошларимиз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламоқда. Биринчи машғулотимизни жорий ҳафтада бошлаймиз, унга қизиқиш жуда катта. Илк кунларданоқ 100 дан ортиқ бола рўйхатдан ўтди. Энг асосий юртдошларимиз ушбу лойиҳадан жуда хурсанд. Буларнинг негизида, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг бизга, Ватандан узоқда истиқомат қилаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга қаратаётган катта эътибори ётибди, – деди лойиҳа ташаббускорларидан бири, Швециядаги Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари Зилола Йўлчиева.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш