Logo

Ўзбекистон дипломатлари Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан мулоқот қилдилар

Июнь 22, 2025. 11:24 • 52 сония

59
Ўзбекистон дипломатлари Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан мулоқот қилдилар

ЖИДДА, 22 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Мадина Ислом университетида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан мулоқот қилдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Талабаларга Янги Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, жумладан, жамиятимиз ва бутун мамлакатимиз тараққиёти учун устувор аҳамиятга эга бўлган умумдавлат дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, виждон эркинлиги, шаффофлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлатимиз сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда ташкил этилган диний-маърифий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий тадқиқотлар маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда Халқаро ислом академияси фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. Талабаларга ўқишни тамомлаганларидан сўнг ўз мутахассисликлари бўйича ушбу марказларда фаолият юритишлари мумкинлиги таъкидланди.

Суҳбат чоғида, шунингдек, Бош консулхона томонидан тақдим этилаётган консуллик хизматлари тўғрисида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Мадина ислом университетига янги ўқишга келган талабалар вақтинча консуллик рўйхатида туришлари мумкинлиги маълум қилинди.

 Бундан ташқари, маҳаллий давлатнинг қонун-қоидаларига риоя этиш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган ғоялар ортидан эргашмаслик бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.

Мулоқот якунида ватандош талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш