Logo

Пекинда "Ватан равнақи йўлида бирлашайлик!" шиори остида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

Июль 10, 2025. 12:44 • 2 дақ

171
Пекинда "Ватан равнақи йўлида бирлашайлик!" шиори остида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

ПЕКИН, 10 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон ёшлари куни ва Давлат герби қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ватан равнақи йўлида бирлашайлик!" шиори остида ўтган тадбирда Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва ушбу мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар ҳамда айни вақтда Пекин шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги делегацияси аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Абдулазиз Муминов йиғилганларга юртимизнинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар борасида сўзлаб бердилар.

Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда чет элларда Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни жаҳон миқёсида ўрганиш ва оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, ватандошлар истиқомат қилаётган давлатларда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида республикамиз мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилаётган ҳамкорликдаги фаолият ҳамда бу борада истиқболдаги режалар маълум қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ёшлар, хориждаги ватандошларга оид давлат сиёсати ҳақида таъкидланда ҳамда чет эллардаги юртдошларимиз мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чорланди.

Ватандошлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга масъуллардан батафсил жавоб олдилар.

Юртдошларимизга Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан "Ибрат фарзандлари ва мутолаа" электрон адабиётлар платформаси карталари тақдим этилди.

Байрам тадбири юртимизнинг таниқли эстрада хонандалари, ёш ижрочиларнинг концерти билан якунланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш