Малайзиядаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя остида
Май 14, 2025. 15:15 • 3 дақ
• 74
КУАЛА-ЛУМПУР, 14 май. /"Дунё" АА/. Хорижда доимий ва вақтинча яшаётган, таълим олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ватандошларимиз билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, иқтидорли ёшларимизни, хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, элчихона томонидан Малайзияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига турли консуллик хизматлари, шу жумладан хорижда чиқиш паспортларини расмийлаштириш, Ватанга қайтиш гувоҳномаларини бериш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, ҳужжатларни легализация қилиш, никоҳ ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни бериш каби хизматлар тақдим этиб келинмоқда.
Абдуллоҳ Эргашбоев, Малайзиянинг Осиё-тинч океани технология ва инновация университети талабаси:
– Хорижга чиқиш биометрик паспортимнинг амал қилиш муддати тугаётганлиги сабабли, уни янгилаш учун элчихонага келдим.
Янги хорижга чиқиш биометрик паспортни расмийлаштириш учун анкетани интерактив консуллик хизматлари портали орқали онлайн тарзда тўлдирдим. Элчихонага келиб анкетани топширдим ва расмга тушдим.
Авваллари янги паспорт олиш учун Ўзбекистонга бориб келиш талаб этилар эди. Бу эса авиабилет ва бошқа қўшимча харажатларни келтириб чиқарарди. Ҳозир эса Ўзбекистонга бормасдан шу ерда янги паспорт олиш имконияти мавжуд.
Мен давлатимиз томонидан яратилган ушбу қулайликлар учун миннатдорман.
Ёсинбек Сотволдиев, Малайзиянинг "City" университети талабаси:
– Мамлакатимиз элчихонасига нотариал ишончнома расмийлаштириш учун келдим. Консул томонидан менга вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтиш тавсия этилди. Мен вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтиш учун онлайн анкета тўлдирдим ва рўйхатдан ўтдим.
Жараён жуда тез ва осон кечди. Шунингдек, нотариал ишончномани ҳам қисқа вақтда расмийлаштириб олдим.
Юртдошларимиз Малайзиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётганини инобатга олган ҳолда ҳамда уларга янада қулайликлар яратиш мақсадида элчихона томонидан интерактив консуллик хизматлари онлайн платформаси орқали бир қатор консуллик хизматлари электрон тарзда амалга оширилмоқда.
Дипломатик ваколатхона томонидан тақдим этилаётган консуллик хизматларидан мамнунмиз.
Ҳабибулла Аҳадқулов, Малайзиянинг Кедах штатидаги Утара университети катта ўқитувчиси:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Куала-Лумпурдан йироқда жойлашган ҳудудларда истиқомат қилаётган ватандошларга қулайлик яратиш мақсадида консуллик хизматлари онлайн тарзда кўрсатиляпти.
Фарзандларимга Малайзия визаларини янгилаш учун уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини инглиз тилига таржима қилиш ва тасдиқлаш талаб этилди. Кедах штатидан Куала-Лумпур шаҳрига автомобилда бориш учун 5 соат талаб этилади.
Шу боис, мен элчихонага масофадан туриб онлайн мурожаат қилдим. Мурожаатим бир кунда ижобий кўриб чиқилди. Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошлар учун яратилган шарт-шароитлардан миннатдормиз.
Шу билан бирга, элчихона Малайзияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий алоқа ўрнатган бўлиб, улар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, брифинглар ва учрашувлар ўтказиб келинаётир. Хусусан, мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпурдаги вакиллари ҳамкорлигида ҳар йили "Ёшлар форуми" ўтказилади.
Иброҳимжон Нормуҳаммадов, Малайзиянинг "Xiamen" университети талабаси:
– Мен Малайзиядаги "Xiamen" университетида молия йўналишида таҳсил оляпман.
Бугун Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида "Ёшлар форуми" бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида биз ёшлар Ўзбекистон элчиси билан кўришдик. Малайзиядаги бошқа университетларда таҳсил олаётган талабалар билан ҳам танишдик.
Ўзаро мулоқот давомида ёшларга берилаётган имтиёзлар, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашдик. Бизни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар олдик. Ўз таклифларимизни ҳам билдирдик. Бизга яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз.
Тенгдошларимга ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиб, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган юқори малакали мутахассис бўлиб етишишларини тилайман. Ўзим ҳам Малайзияда олган билим ва тажрибамни келажакда Ўзбекистон иқтисодиёти ва молия соҳаларини ривожлантиришга сафарбар этаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги ватандошлар учун сайёр қабул ўтказилди
АҚШдаги Браун университетида отишма вақтида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Норвегиядаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди