Хориждаги ватандошлар учун “uPay.net” платформасида янги қулайликлар яратилди

Май 23, 2026. 16:00 • 2 дақ

94
Хориждаги ватандошлар учун “uPay.net” платформасида янги қулайликлар яратилди

НЬЮ-ЙОРК, 23 май. /“Дунё” АА/. АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатлардаги ватандошлар учун “uPay.net” платформасида янги қулайликлар яратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Лойиҳа АҚШда яшаётган, асли ўзбекистонлик Хусрав Маҳмудов ва Акмал Абдуллаев томонидан такомиллаштирилмоқда. Платформа, аввало, ўз оилаларини мунтазам қўллаб-қувватлаб турган хориждаги ватандошларга мўлжалланган.

Таъкидланишича, ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашувлар ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатлари томонидан ташкил этиладиган консуллик қабуллари чоғида ватандошлар Ўзбекистондаги айрим хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш имкониятлари юзасидан тез-тез мурожаат қилган.

Фойдаланувчиларнинг сўзларига кўра, “uPay.net” шу каби масалаларни ҳал этишни анча енгиллаштирган ва хориждан туриб турли хизматлар учун тўлов қилишга қулай имконият яратган.

Бу орқали АҚШ, Канада, Европа давлатлари ва Яқин Шарқда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ўз яқинларига тезкор ёрдам кўрсатиши ҳамда маиший масалаларни масофадан туриб ҳал этиши мумкин.

Ҳозирда компания платформа имкониятларини фаол кенгайтирмоқда ва хориждаги ўзбекистонликларнинг эҳтиёжларига йўналтирилган янги молиявий хизматларни ишлаб чиқмоқда.

Шунингдек, компаниянинг Филадельфиядаги офиси негизида Самарқанд вилояти ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан сармоявий, технологик ва ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришга йўналтирилган “Samarkand Philadelphia Digital Hub” ва “InvestInSamarkand.com” онлайн-платформаси ҳам ташкил этилган.

Бундай ташаббусларнинг амалга оширилиши замонавий рақамли хизматларни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда чет элда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш