Нью-Йоркдаги анъанавий парадда ўзбек маданияти намойиш қилинди
Май 20, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 72
НЬЮ-ЙОРК, 20 май. /“Дунё” АА/. Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий Туркий парадда Ўзбекистон маданияти ҳам кенг намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
АҚШдаги Туркий жамият томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг юқори савияда ўтказилишида мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси вакиллари ҳам яқиндан кўмаклашди.
Парад давомида ватандошларимиз давлат байроқлари ва миллий безаклар билан жиҳозланган кўчма платформада ўзбек халқ куй-қўшиқлари ҳамда миллий рақсларни намойиш этди. Ўзбек бадиий жамоасининг ёрқин чиқишлари томошабинлар ва тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, маданий дастурнинг энг диққатга сазовор қисмларидан бирига айланди.
Ўзбекистон диаспорасининг мазкур тадбирдаги фаол иштироки мамлакатимизнинг бой маданияти, бетакрор урф-одатлари ва миллий қадриятларини кенг халқаро аудиторияга тарғиб қилиш имконини берди. Шунингдек, бу каби ташаббуслар хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг АҚШ ижтимоий-маданий ҳаётида фаол иштирок этаётганини яна бир бор намоён қилди.
1981 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган ушбу тадбир АҚШдаги туркий халқлар диаспора ташкилотларининг энг йирик маданий ва ижтимоий майдонларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




