Logo

Ўзбекистон делегацияси Ирландиянинг даволаш педагогикаси бўйича тажрибасини ўрганди

Май 18, 2025. 12:03 • 56 сония

49
Ўзбекистон делегацияси Ирландиянинг даволаш педагогикаси бўйича тажрибасини ўрганди

ДУБЛИН, 18 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 14-16 май кунлари Ирландия пойтахти Дублин шаҳрида бўлиб ўтган Даволаш педагогикаси бўйича Европа ташкилотининг (HOPE) навбатдаги халқаро конгрессида иштирок этди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

HOPE ўз фаолиятини 1988 йилда Словениянинг Любляна шаҳрида биринчи Европа касалхоналаридаги ўқитувчилар конгрессини ўтказиш билан бошлаган.

Ташкилотнинг асосий мақсади – даволанишда бўлган болалар учун мукаммал ва юқори сифатли таълимни таъминлашдан иборат. HOPE тадбирларида даволаш педагогикасини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади ҳамда семинар-тренинглар орқали соҳадаги илғор тажрибалар ўрганилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов конгрессдаги маърузасида Янги Ўзбекистонда ижтимоий соҳада, жумладан, халқ таълими тизимида инклюзив таълим ва госпиталь педагогикани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди.

Хорижий томон учун Ўзбекистонда даволаш педагогикасини ривожлантириш бўйича илк лойиҳа – "Меҳрли мактаб" ҳақида тақдимот ўтказилди ва видеоролик намойиш этилди.

Тақдимот конгресс иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, Ирландиянинг "Linn Dara" ва "Solas Hospital school" каби шифохона мактабларида яратилган шароитлар ҳамда мутахассислар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш