Logo

Қорақалпоғистон делегацияси Ҳиндистон университети раҳбарияти билан Нукусда ушбу олий билим юртининг филиалини очиш бўйича музокаралар ўтказди

Декабрь 17, 2025. 08:15 • 2 дақ

145
Қорақалпоғистон делегацияси Ҳиндистон университети раҳбарияти билан Нукусда ушбу олий билим юртининг филиалини очиш бўйича музокаралар ўтказди
Қорақалпоғистон делегацияси Ҳиндистон университети раҳбарияти билан Нукусда ушбу олий билим юртининг филиалини очиш бўйича музокаралар ўтказди

ДЕҲЛИ, 17 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Қорақалпоғистон делегацияси ва Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – ERA University раҳбарияти ўртасидаги учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Конструктив ва ишчан муҳитда ўтган музокаралар олий таълим ва фан соҳасидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқаларини мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб берди.

Учрашувда эришилган асосий натижалардан бири ERA University мулкдори Муҳсин Али Хоннинг университет филиалини Нукусда очиш бўйича қатъий ният ҳақида билдирган баёноти бўлди.

Ҳинд университети раҳбарияти узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини маълум қилиб, минтақанинг тиббий таълимни ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги салмоқли салоҳиятини қайд этди.

Музокаралар давомида бўлажак лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди. 

Ҳинд томони Ўзбекистон вакилларига ERA университетининг таълим, илмий ва инфратузилмавий салоҳиятини тақдим этди, шунингдек, филиални жойлаштириш учун ер майдони ёки мос бино ажратишда кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилди.

Қорақалпоғистон делегацияси, ўз навбатида, ҳудуднинг инвестиция салоҳияти, устувор йўналишлари ва хорижий таълим муассасасини жойлаштириш имкониятлари тўғрисида маълумот берди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар ERA University раҳбариятининг 2026 йил февраль ойида Қорақалпоғистонга амалий ташрифини ташкил этишга келишиб олди. Бўлажак ташриф давомида филиални жойлаштириш учун кўзда тутилаётган майдончалар билан танишиш, лойиҳанинг ҳуқуқий, инфратузилмавий ва академик жиҳатларини муҳокама қилиш, дастлабки инвестиция режасини тайёрлаш режалаштирилган.

ERA University филиалининг Нукусда очилиши бутун Оролбўйи ҳудуди учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳадир.

Лойиҳани амалга ошириш нафақат салмоқли инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, балки, энг муҳими, Қорақалпоғистон ва қўшни ҳудудлар ёшлари учун тиббиёт, фармацевтика, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда замонавий, талаб юқори бўлган билим ва касбларни эгаллаш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Томонлар белгиланган режаларни ҳаётга тезкор жорий этиш мақсадида ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш