Logo

Ўзбекистон ва Жанубий Корея жиноятчиликка қарши курашишда сунъий интеллект ва ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Февраль 21, 2024. 12:14 • 2 дақ

222
Ўзбекистон ва Жанубий Корея жиноятчиликка қарши курашишда сунъий интеллект ва ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

СЕУЛ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги ҳамда Кёнгбук Миллий университети масъул ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билан жиноятчиликка қарши курашда сунъий интеллект ва ахборот технологияларидан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда барқарор ва ижобий динамика алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, икки давлат мутахассислари ўртасида видеоконференция ва учрашувлар мунтазам ташкил этиляпти. Жанубий Корея томони Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мутахассислари учун кибержиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ҳамда маҳорат дарсларини ўтказиб келмоқда.

Учрашувда кенг кўламли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни янада фаоллаштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Жанубий Кореянинг сунъий интеллект ва ахборотдан фойдаланиш бўйича тажрибасини чуқур ва батафсил ўрганиш, жиноятчиликка қарши курашда технологиялар, шунингдек, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг кейинги истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг март ойи Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегациясининг ушбу мамлакатга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси томони Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мутахассисларини Жанубий Кореяда сунъий интеллект ва IТ- соҳаларида тайёрлаш масаласида ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Бу борадаги ҳамкорлик бўйича режалаштирилган ишларни сифатли амалга оширишни таъминлаш мақсадида икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг таълим муассасалари ўртасида ахборот технологиялари соҳасида Ҳамкорлик меморандуми тузиш масаласини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш