Logo

Ўзбекистонда олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар Брюссель юксак баҳоланди

Апрель 30, 2025. 11:07 • 2 дақ

47
Ўзбекистонда олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар Брюссель юксак баҳоланди

ТОШКЕНТ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида ўтаётган "Бюджетни шакллантириш ва уни ижро этишда парламентнинг роли ҳамда гендерга нисбатан сезгир парламентлар" мавзусидаги халқаро семинарда қатнашмоқда, деб хабар қиляпти Дунё АА мухбири.

Парламент қўйи палатаси маълумотига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулрух Агзамова, Гулнорахон Абдувоҳидова, Отабек Мусурмонов семинарда маъруза қилишди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинмоқда. Бу ўз навбатида, бюджет ижроси устидан самарали парламент назоратини манзилли олиб бориш, бюджет маълумотларининг очиқлигини, шаффофлигини таъминлаш, бюджет маблағларининг шаклланиши, сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция билан Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилиши ҳам қуйи палатанинг таъсирчан парламент назоратини янада кучайтирган тарзда ташкил этиш имконини бергани қайд этилди.

Шунингдек, маърузаларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳада олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этиб, юксак баҳоладилар.

Тадбир давомида бюджет ваколатлари бўйича тажрибалар алмашилди. Бунда асосий эътибор парламентда самарали бюджет жараёнларига ҳисса қўшадиган турли манбаларга, жумладан тадқиқот ва бюджет идоралари билан ишлаш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, бюджетни шакллантириш, уни ижро этишдаги муаммолар, мустақил институтлар роли ҳамда парламент аъзоларини таҳлилий қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон парламент делегациясининг Бельгияга ташрифи давом этмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш