"Ўзсаноатқурилишбанк" ёшлар бизнесини қўллаб-қувватлаш учун ЕТТБдан 25 миллион доллар жалб қилади
Май 15, 2025. 18:31 • 2 дақ
• 109
ТОШКЕНТ, 15 май. /"Дунё" АА/. "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ вакиллари Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 34 йиллик йиғилиши ва халқаро бизнес-форумида иштирок этмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Банк ахборот хизмати ёзганидек, мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, стартап ва инновацион лойиҳаларини молиявий жиҳатдан рағбатлантириш Ўзбекистон Президенти томонидан банк тизими олдига қўйилган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Айнан шу мақсадда жорий йилнинг 13-15 май кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 34-йиллик йиғилиши ва халқаро бизнес-форуми доирасида муҳим келишувга эришилди.
Хусусан, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ва ЕТТБ ўртасида "Ёшлар бизнесда" ("Youth in Business") дастурини амалга ошириш бўйича қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг бўлган битим имзоланди.
Ушбу молиявий ресурслар 35 ёшгача бўлган ёшлар томонидан бошқарилаётган микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини миллий валютада молиялаштириш имконини беради. Стартаплар, инновацион ғоялар ва инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, банк мижозлари ЕТТБнинг "Кичик бизнесга маслаҳат" (Advisory for Small Businesses) дастури орқали бизнес режалаштириш ва стратегик ёндашувлар бўйича техник ҳамда маслаҳат хизматларидан ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, ЕТТБ Марказий Осиё давлатларида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида "Марказий Осиёда бизнесдаги ёшлар" дастурини босқичма-босқич амалга оширмоқда.
"Ўзсаноатқурилишбанк" бу каби халқаро дастурлар орқали Ўзбекистон ёшлари учун кенг имкониятлар очишни, уларнинг ўз бизнесини ташкил этиб, ривожлантириб боришини тизимли тарзда қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди