Андижон ва Витебск вилоятлари инвестиция ҳамда савдо ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Октябрь 18, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 165ВИТЕБСК, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Беларуснинг Витебск вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳудудлараро ҳамкорликни амалий ривожлантиришга қаратилган ташриф дастури доирасида инвестиция лойиҳалари ишга туширилди ҳамда узоқ муддатли тижорат шартномалари имзоланди. Хусусан, Ушачи туманида “Андижон–Маяк” фермер хўжалиги иш бошлади, Витебск шаҳрида эса “Андижон” ресторани очилди.
Городок туманида чорвачилик мажмуаси – “Наврўз” агрокластери қуриладиган жойга тамал тоши (капсула) қўйиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳада 4 минг бошгача қорамол боқиш, кушхона ва қайта ишлаш цехи ҳамда турар жой инфратузилмасини барпо этиш кўзда тутилган.
Маросимда сўзга чиққан Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник лойиҳанинг икки томонлама муносабатлар учун аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари – Шавкат Мирзиёев ҳамда Александр Лукашенконинг ўзаро ҳамкорлиги самараси бўлиб, икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ўзаро манфаатли бизнесни ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда Витебск вилоятида ўзбек сармояси иштирокида чорвачилик тармоғини ривожлантираётган 20 га яқин фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.
Савдо алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Витебскдаги “Андижон” савдо уйи орқали Беларусь бозорига Андижон вилоятидан йирик партияларда тўқимачилик ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари мунтазам етказиб берилмоқда.
Ташриф доирасида делегация П.М.Машеров номидаги Витебск давлат университетида ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашди. Олийгоҳ ректори Валентина Богатирёва билан ўтказилган музокаралар чоғида инвестиция лойиҳалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш ва битирувчиларни келгусида иқтисодиёт тармоқларида иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Андижон вилояти ҳокимининг амалий ташрифи Беларусь оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

