Швеция компанияси Ўзбекистонда уруғларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни таклиф қилди

Октябрь 15, 2026. 18:10 • 2 дақ

• 62
Швеция компанияси Ўзбекистонда уруғларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни таклиф қилди

СТОКГОЛЬМ, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Швециянинг “Hemisphere Technologies AB” компанияси раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва соҳавий ташкилотлар вакиллари иштирокида онлайн музокара ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Швеция компанияси бош директори Агнес Мартелет томонидан корхона фаолияти ҳамда ноёб турдаги ўсимликлар уруғини комплекс қайта ишлашнинг замонавий технологиялари юзасидан батафсил тақдимот қилинди. 2021 йилда ташкил этилган мазкур компания уруғларни протеин уни, мой ва толали маҳсулотларга қайта ишлаб, хомашёдан тўлиқ фойдаланиш имконини берувчи инновацион усулларни қўллаши қайд этилди. Ушбу маҳсулотларнинг таркибий қисмлари нон ва макарон маҳсулотлари, спорт озиқ-овқати, ҳайвонлар озуқаси ҳамда косметика воситаларини ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилиши мумкинлиги билдирилди.

Шунингдек ўқинг

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони республикада толали экинларни етиштириш ва чуқур қайта ишлаш саноатини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган уруғ базасини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Мулоқот чоғида технологик тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва илк синов лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Швеция томони синов учун маҳсулот намуналарини тақдим этиш ҳамда мамлакатимизда пилот лойиҳани ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш