Ўзбекистон ва Буюк Британия аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

Октябрь 16, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 164
Ўзбекистон ва Буюк Британия аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

ЛОНДОН, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг “Hamroh” компанияси ва “Youth Business International” (YBI) халқаро инглиз ташкилоти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида “Hamroh” компанияси директори ўринбосари Сардор Юсупов Ўзбекистон Президентининг қарори билан 2024 йилда аёллар тадбиркорлигини тизимли қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган компания фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Hamroh” аёлларга касбий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бизнесни очиш ва расман рўйхатдан ўтказиш, бандликни таъминлаш ҳамда янги бозорларга чиқишга ёрдам беради. Ўз бизнесини кенгайтириш ва унинг узоқ муддатли барқарор ўсишини таъминлашга интилаётган тадбиркор аёлларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек ўқинг

YBI вакили Акинвунми Аковонжо 2000 йилда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган ташкилот фаолияти ҳақида сўз юритди. Ташкилот бизнес кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашади, ўқув дастурлари ва менторлик тадбирларини ўтказади, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқишга ёрдам беради.

Томонлар ёш тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, менторлик дастурларини йўлга қўйиш ва Ўзбекистон ҳудудларида “Hamroh” имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни муҳокама қилди. Халқаро молия институтлари ва донорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида иштирокчилар белгиланган йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ва мунтазам ишчи алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш