Logo

Ашхободда Марказий Осиё мамлакатлари ёш дипломатлари ва давлат хизматчилари учун минтақавий тренинг бўлиб ўтмоқда

Май 13, 2025. 14:40 • 2 дақ

92
Ашхободда Марказий Осиё мамлакатлари ёш дипломатлари ва давлат хизматчилари учун минтақавий тренинг бўлиб ўтмоқда

АШХОБОД, 13 май. /"Дунё" АА/. Кеча Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ёш дипломатлари ва давлат хизматчилари учун минтақавий тренинг ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Туркманистон ҳукумати томонидан БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир "2025 йил – Халқаро тинчлик ва ишонч йили" доирасида ўтказилмоқда. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар институтида  бўлиб ўтаётган ўқувларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари қатнашяпти.

Тадбир мақсади ёш дипломатлари ва давлат хизматчиларининг касбий малакасини ошириш, жумладан БМТ мандати ва фаолияти билан яқиндан танишиш, халқаро муносабатлар ва дипломатия соҳасидаги кўникмаларини ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, у Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, минтақада ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашишга қаратилган.

Дипломатик курсларнинг тантанали очилиш маросимида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, БМТнинг Туркманистондаги доимий координатори Дмитрий Шлапаченко, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва вакиллари, халқаро муносабатлар ва дипломатия соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Тренинг давомида иштирокчилар турли маърузалар ва амалий машғулотларда қатнашиб, халқаро тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболларига оид долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашадилар ва ўз ғоялари билан ўртоқлашадилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш