АҚШ бизнес миссияси IT ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонда бўлди
Октябрь 17, 2024. 11:21 • 3 дақ
• 405
ВАШИНГТОН, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 14-16 октябрь кунлари АҚШ соғлиқни сақлаш ва IT компаниялари раҳбарларидан иборат бизнес миссияси Ўзбекистонда бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида қатор учрашувлар, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати ва АҚШнинг йирик IT компаниялари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди
Унда Американинг "Apple", "Google", "Meta", "Oracle", "Visa", "Wolt/DoorDash" каби етакчи компаниялари ва Америка-Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари қатнашди. Иштирокчилар рақамли иқтисодиёт ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Асосий эътибор Ўзбекистон иқтисодиётини рақамли трансформациялаш, замонавий электрон тўлов тизимлари, жумладан "Apple Pay" ва "Google Pay" тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини ва мамлакатнинг туристик жозибадорлиги яхшилаш ҳамда даромадлилик даражасини ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига қаратилди.
Янги рақамли ечимлар ва хизматлар яратиш учун инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Республикада стартаплар ривожланишига кўмаклашиш, Америка ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида яқинроқ мулоқотни таъминлаш учун платформа яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Иштирокчилар бундай ҳамкорлик нафақат Ўзбекистонда энг илғор технологияларни жорий этишни жадаллаштириши, балки тажриба ва технологиялар алмашинуви учун ҳам янги имкониятлар очишига ишонч билдирдилар.
Томонлар Ўзбекистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузурида доимий ишлайдиган ишчи гуруҳ тузиш таклифини қўллаб-қувватладилар. Ушбу платформанинг асосий мақсади эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни ишлаб чиқиш, шунингдек, IT соҳасида қўшма лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлади.
АҚШ бизнес миссияси аъзолари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам иштирок этишди. Тадбирда Американинг "Abbott", "Medtronic" ва "GE Healthcare" каби йирик соғлиқни сақлаш компаниялари раҳбарлари билан Ўзбекистонда тиббий технологиялар соҳасида ҳамкорликнинг янги имкониятлари, тадқиқот ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Соғлиқни сақлаш тизимига инновацион технологияларни жорий этиш, мамлакатимизда замонавий тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, эндокринологик касалликлар, жумладан, қандли диабет касалликларини эрта аниқлаш ва комплекс даволаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилиб, аёллар ва болаларни қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди.
АҚШ компаниялари республикамизда кардиологик ахборот тизимини ўрнатиш масаласини биргаликда ўрганиш, шунингдек, тиббий ҳужжатларни архивлаш асосида Тиббий тасвирлар миллий архивини яратишга қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси