Будапештда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг биринчи илмий конференцияси бўлиб ўтди
Июнь 29, 2025. 11:23 • 2 дақ
• 105
БУДАПЕШТ, 29 июнь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 25-26 июнь кунлари Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти аъзо мамлакатларнинг биринчи илмий конференцияси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман ишида Ўзбекистондан мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент кимё-технология институти ректорлари ва профессор-ўқитувчиларидан иборат юртимиз делегацияси қатнашди.
Сўзга чиққанлар академик дипломатия минтақада ўзаро англашув, маданий ўзига хосликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун муҳим воситага айланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, анжуман иштирокчилари олий таълим соҳасидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Қўшма илмий-тадқиқот фондини яратиш, академик мобиллик дастурларини ишлаб чиқиш, стипендия ташаббусларини амалга ошириш, ёзги мактаблар ва ёшлар форумларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жиззах шаҳрида Венгрия Маданият ва инновациялар вазирлиги ва Обуда университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Innotechno Park" лойиҳаси тақдимоти анжуман иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Лойиҳа илм-фан ва тадбиркорлик интеграциясига инновацион ёндашувнинг ёрқин намунаси, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги академик ҳамкорликнинг муваффақиятли модели сифатида тақдим этилди.
Ўзбекистон олий ўқув юртлари вакиллари муҳокамаларда фаол иштирок этиш баробарида, Венгриянинг Обуду, Мишкольц, Шечени, Дебрецен ва Земмельвейс каби етакчи университетлари ректорлари билан музокаралар ўтказишди. Музокаралар чоғида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабалар ва ўқитувчиларнинг академик алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчи мамлакатлар университетларнинг академик ва илмий имкониятларига доир тақдимотлар ўтказилди. Ҳамкорликнинг ўзига хос шакллари – икки томонлама диплом бериш дастурлари ва қўшма илмий лойиҳалардан тортиб, рақамли платформалар яратиш ҳамда хакатонлар ташкил этишгача бўлган масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Венгрия олий ўқув юртлари делегациялари тегишли шартномалар имзолаш ва янги ташаббусларни бошлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мазкур конференциянинг ўтказилиши нафақат туркий дунёда гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш ортиб бораётганини тасдиқлади, балки Будапештнинг таълим, фан ва инновациялар соҳасида жадал ривожланаётган минтақалараро мулоқот платформаси сифатидаги ролини ҳам таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди