Наманган вилоят делегацияси Жанубий Кореяда ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятларини ўрганмоқда
Октябрь 12, 2023. 18:31 • 2 дақ
• 119
СЕУЛ, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ҳудудлараро муносабатларни фаоллаштириш мақсадида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуритдинов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакатда амалий сафар билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон вакилларининг илк манзили Жанубий Кореянинг Пуё шаҳри бўлди. Делегация аъзолари ушбу шаҳар ҳокими Парк Жун Хун билан ўтказган музокараларида томонлар ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, аввал келишилган лойиҳаларни жадаллаштириш, лойиҳаларни юритиш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда «Йўл харита»сини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Учрашув сўнггида Наманган вилояти билан Пуё шаҳри ўртасида туризм ва маданий соҳада алоқаларни ўрнатиш бўйича, Чуст туманида 1000 гектар ўзлаштирилмаган ерларни ўзлаштириш ҳамда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Наманган шаҳрида қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш логистика маркази ташкил этиш бўйича қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган келишувлар имзоланди. Шунингдек, сафар давомида Пуё бўйича етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг уруғ, тупроқ, сув ва бошқа тегишли лаборатория таҳлиллари олиб бориладиган Пуё агро-технологиялар маркази, ақлли иссиқхонада помидор етиштириш, замонавий услубда қўзиқорин, шоли етиштириш ва ундан гурунч тайёрлаш ва қадоқлаш фермер хўжаликлари, чорвачилик учун минераллар билан тўйинтирилган, мол гўштини сифатини оширадиган озуқа етиштириш корхонаси фаолияти билан танишилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тараққиётида Наманганнинг алоҳида ўрни бор. Жорий йилнинг ўзида Осиёнинг ушбу ривожланган давлатининг бир неча шаҳарлари делегациялари вилоятда ишчи ташриф билан бўлди. Бўлиб ўтган мулоқотлар янги-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга замин яратмоқда.
Наманган делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси