Ўзбекистон мутахассислари сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича Исроил тажрибасини ўргандилар
Ноябрь 14, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 135ТЕЛЬ-АВИВ, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон вакиллари Исроилда сув ва ер ресурсларини барқарор бошқариш, сув хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий технологияларни жорий этишга бағишланган халқаро тадбирларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кинерет академик коллежида “Сув ресурсларини барқарор бошқариш учун трансчегаравий сув ҳамкорлиги: инновациялар, сувни қайта ишлатиш ва сув хавфсизлиги” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Учрашув қатнашчилари трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, сув хўжалигини рақамлаштириш, тозаланган оқова сувларни қайта ишлатиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик делегация 10–11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Сув муҳандислиги ва инновациялар бўйича 12-Кинерет конференцияси ва кўргазмасида қатнашди. Унда сув хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий ёндашувлари, сув ресурсларини бошқаришда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, сувни тозалаш ва шўрсизлантириш, шунингдек, инновацион муҳандислик ечимларини жорий этиш масалалари эътибор марказида бўлди.
Ўзбекистонлик мутахассисларнинг Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги (MASHAV) томонидан ташкил этилган “Сув ва ер ресурсларини барқарор бошқариш: Исроил тажрибаси, технологиялари ва амалий ечимлари” номли халқаро ўқув курсида иштирок этгани ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Дастур доирасида иштирокчилар сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида ресурс тежамкор технологияларни қўллаш ҳамда илғор Исроил тажрибасини ўз мамлакатлари шароитига мослаштириш ёндашувларини ўргандилар.
Якуний давра суҳбатида сув ва ер ресурсларини бошқаришнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу тадбирлардаги иштироки сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги халқаро тажриба билан яқиндан танишиш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



