Logo

Ҳиндистоннинг етакчи университетида ўзбек тили мутахассислигини бакалавриат дастурига киритиш истиқболлари ўрганилмоқда

Март 24, 2025. 16:55 • 2 дақ

169
Ҳиндистоннинг етакчи университетида ўзбек тили мутахассислигини бакалавриат дастурига киритиш истиқболлари ўрганилмоқда

ДЕҲЛИ, 24 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртларидан бири – Жамия Миллия Исломия марказий университети ректори Мазҳар Асиф билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида олий таълим соҳаси сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётган серқирра Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг самарали йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Хусусан, мамлакатимизда 10 минг нафардан зиёд ҳиндистонлик ёшлар таҳсил олаётгани, Ҳиндистоннинг Амити, Шарда, Ачария ва Самбрам университетлари ўз кампуслари фаолиятини йўлга қўйганига эътибор қаратилди.

100 йилдан ортиқ тарихга эга Жамия Миллия Исломия университети ҳам Ўзбекистоннинг қатор олий билим юртлари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатган, улар ўртасида аҳдлашув меморандумлари имзоланган.

Эътиборга лойиқ жиҳати, мазкур ҳинд университетида 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбек тили курслари фаолият юритмоқда.

Томонлар икки томонлама ҳамкорликни мазмунан бойитиш ва янги даражага кўтариш истиқболларини муҳокама қилди, бу борадаги амалий таклифларга алоҳида урғу берилди.

Профессор Мазҳар Асиф ахборот технологиялари, табиий ва гуманитар фанлар, журналистика ва бошқа йўналишларда замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли эканини билдирди.

Шунингдек, Жамия Миллия Исломия университетида фаолият юритаётган Ўзбек тили курсларининг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, университетда бакалавриат ўқув дастурига ўзбек тили мутахассислигини киритиш масаласи юзасидан фикр алмашилди. Шу мақсадда амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар, хусусан, ўқув қўлланмалари тақдим қилиш, таълим жараёнига юқори малакали тилшунос мутахассисларни жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.

Мазкур университетда Шарқ олимлари, жумладан, буюк ўзбек алломаларининг ноёб асарларини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратилади.Таълим масканининг иккита биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталган.

Учрашув чоғида Ўзбекистон элчихонаси ва университет ўртасида аввал эришилган келишувга биноан мазкур олий билим юрти ҳудудида ўзбек халқининг қомусий олимларидан бирининг ҳайкалини ўрнатиш ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш