Logo

Жанубий Кореянинг етакчи университети Сирдарёда ўз филиалини очади

Февраль 02, 2024. 10:57 • 49 сония

599
Жанубий Кореянинг етакчи университети Сирдарёда ўз филиалини очади

ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Жанубий Кореянинг Сонмун университети президенти Сон Же Мун бошчилигидаги делегация Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот давомида 2023 йил декабрь ойида вилоят вакилларининг мазкур нуфузли университетга ташрифи самарадорлиги алоҳида қайд этилди. Эришилган дастлабки келишувларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Сон Же Мун Сирдарёда университет филиалини ташкил этиш таклифини билдирди. Вилоят раҳбарияти бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, олийгоҳ фаолиятини йўлга қўйиш учун Гулистон шаҳри танланганини маъқуллади.

Дастлаб ушбу таълим муассасаси филиалида IТ ва сунъий интеллект технологияларига асосланган бешта долзарб йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, филиални саноат тармоқларига тайёр мутахассисларни тайёрловчи таълим кластерига айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун таълим жараёнлари ишлаб чиқариш билан тўлиқ интеграция қилинади.

Мулоқот натижасида томонлар илгари сурилган таклифлар бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, музокаралар якунлари бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш