Будапешт шаҳрида ТДТ ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 27, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 1БУДАПЕШТ, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Будапешт шаҳрида Венгрия ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси ҳамда Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти иштирокида ташкил этилган тадбирда давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон номидан ТИВ ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази директори ўринбосари Валижон Ҳошимов иштирок этди. У мамлакатимизнинг ТДТ доирасидаги устувор йўналишлари, Анқара саммитида эришилган келишувларнинг ижроси, Ўрта йўлакни ривожлантириш, қўшма инвестициявий ва саноат лойиҳаларини илгари суриш ҳақида тўхталиб ўтди.
Иштирокчилар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика, сув ресурслари ва барқарор ривожланиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболларини кўриб чиқди. Туркий инвестиция жамғармасининг ўрни ва Венгриянинг қўшма ташаббусларда иштирок этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Венгрия ва ТДТга аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан, туркий дунёнинг Европа макони билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришда ушбу мамлакат салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


