Ўзбекистон қурилиш материаллари Дубайдаги халқаро кўргазмада намойиш қилинди
Ноябрь 27, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 74ДУБАЙ, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз саноат корхоналари вакиллари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган “Глобал лойиҳалар катта бешлиги – 2026” халқаро қурилиш кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
1980 йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур нуфузли “The Big 5 Global” кўргазмасига бу йил 65 мингдан ортиқ меҳмон келгани маълум қилинди. Унда 150 дан зиёд мамлакатдан 1,8 мингдан ортиқ компания қатнашди.
Ўзбекистон корхоналари кўргазмада ёғоч-полимер композит асосидаги фасад ва пол қопламалари, гранит, мармар ва ониксдан тайёрланган қурилиш ҳамда пардозлаш материалларини намойиш этди. Ушбу маҳсулотлар БААнинг йирик қурилиш ва девелоперлик компанияларида катта қизиқиш уйғотди.
B2B шаклидаги музокаралар давомида “Terracce” компанияси билан Абу-Даби, Дубай ва Фужайрадаги турар жой қурилиши лойиҳалари учун ёғоч-полимер композитдан тайёрланган фасад ва пол қопламаларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.
“Imperial Granite” компанияси “Gulf Contracting and Landscaping”, “Smart Gifts” ва “Prime Craft Trading” компаниялари билан қурилиш ва пардозлаш материалларини етказиб бериш бўйича келишиб олди.
Шунингдек, “Petrozo Energy” компанияси билан Ўзбекистонда битумни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболларини ўрганишга оид битим тузилди.
Мазкур халқаро тадбир маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда БАА ва Яқин Шарқ давлатлари билан саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


