Logo

Кувайт компанияси Фарғона шаҳрида Марказий лаборатория ва диагностика марказини қуради

Апрель 30, 2024. 16:19 • 2 дақ

259
Кувайт компанияси Фарғона шаҳрида Марказий лаборатория ва диагностика марказини қуради

АЛ-КУВАЙТ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг Кувайтга амалий ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, IICO халқаро хайрия ташкилоти, "Gulf Care General Trade Co." ва "Marafie Group" компаниялари ҳамда "Kuwait Airways" авиакомпанияси раҳбарияти билан музокара ўтказди.

Учрашувлар чоғида савдо-иқтисодий, тиббиёт ва авиация каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, Фарғона вилоятида амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Фарғона вилояти ҳокимлиги ва "Gulf Care General Trade Co." компанияси ўртасида Фарғона шаҳрида "Марказий лаборатория ва диагностика марказини барпо этиш" бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.

"Kuwait Airways" авиакомпаниясининг Ўзбекистонга мунтазам рейсларини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

IICO халқаро хайрия ташкилоти раҳбарияти билан кечган мулоқот чоғида мазкур ташкилот молиявий имкониятларидан фойдаланган ҳолда грант лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида фикр алмашилди.

Бўлиб ўтган учрашувлар ниҳоясида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларининг муҳокамасини давом эттириш мақсадида Кувайт бизнес доира вакилларини Фарғона вилоятига миссиясини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Кувайт томони таъкидига кўра, Фарғона вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг ушбу давлатга ташрифи икки томонлама конструктив мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга бўлган кучли интилиш билан ажралиб турди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш