Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи "ақл марказлари" ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади
Декабрь 13, 2024. 16:49 • 2 дақ
• 200
ИСЛОМОБОД, 13 декабрь /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ва Покистоннинг "Golden Ring Economic Forum" таҳлил маркази мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Ҳалилилло Ҳамидов, "Golden Ring Economic Forum" таҳлил маркази раиси Сикандер Афзал ва бошқалар қатнашди.
Мулоқот давомида икки мамлакат "ақл марказлари" ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, биргаликда савдо-иқтисодий муносабатларда ижобий ўсиш траекториясини сақлаб қолиш бўйича янгича ёндашув ва таклифларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Таҳлил марказлари фаолияти, жорий тадқиқот соҳалари ва долзарб изланишлар тўғрисида маълумот алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Покистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мавжуд савдо тарифлари, божхона тартиблари, ташқи савдони осонлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган сиёсат ва имтиёзларга эътибор қаратдилар.
"Ўзаро савдо-иқтисодий йўналишдаги тадқиқотлар Ўзбекистон ва Покистон учун кенг имкониятлар яратади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишончим комил", деди Сикандер Афзал.
Онлайн учрашув якунида савдо-иқтисодий йўналишдаги амалдаги икки ва кўп томонлама норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш, уларнинг натижадорлиги бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, инвестицияларга оид статистик маълумотлар билан алмашиш, манфаатли соҳалардаги тадқиқотлар мавзусини мувофиқлаштириш, академик доира вакилларининг ўзаро сафарларини уюштириш ва қўшма тадбирлар ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси