Logo

Ўзбекистон ва Жанубий Корея "яшил" технологияларни жорий этиш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилмоқда

Октябрь 25, 2023. 18:36 • 2 дақ

191
Ўзбекистон ва Жанубий Корея "яшил" технологияларни жорий этиш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилмоқда

ТОШКЕНТ, 25 октябрь. /«Дунё» АА/. Амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Корея Республикаси атроф-муҳит вазири Хан Хва Жин Ўзбекистон экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Экология вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Жанубий Кореяни муҳим стратегик ҳамкор сифатида билиши таъкидланди. Шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 2010 йилда Ҳамкорлик меморандуми имзоланганидан буён икки давлат ўртасида самарали ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди.


Учрашув давомида, шунингдек, жорий йилнинг май ойида Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида экология бўйича доиравий битим имзолангани таъкидланди.


Қолаверса, Ўзбекистонда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ваколатхонаси ташкил этилганлиги, мамлакатимиз делегациясининг Пусандаги «Global Green Hub» тадбирларида иштироки алоҳида қайд этилди.


Учрашув давомида «Sejin G&E Со., Ltd.» компанияси иштирокида Оҳангаронда маиший чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган чиқинди газидан электр энергия ишлаб чиқариш ва Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) билан биргаликда чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар Ўзбекистонда амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.


Шу билан бирга, маҳаллий ва минтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ғоялар, амалиёт ва технологияларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ва бутун минтақанинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган «Green University» - Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ташкил этилиши ҳақида таъкидланди.


Учрашувда ўзаро манфаатли алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.


Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг экология соҳасида амалга оширилаётган ишлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.


Учрашув мобайнида Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг экология соҳасида иш юритувчи илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, яшил технологияларни жорий этиш, биохилмахиллик, Орол ҳудудини ўрганиш ва унинг қуриган тубида дарахт экиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Хан Хва Жин иқлим ўзгариши йўналишида магистратурада ўқишга ва экология соҳасида қисқа муддатли курсларида Жанубий Кореяда таълим олишга имконият борлигини таъкидлаб ўтдилар.


Учрашув якунида Жусипбек Казбеков Хан Хва Жин хонимни қадимий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган учта халқаро анжуманлар - БМТнинг Чўлланиш бўйича махсус сессияси (CRIK21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари бўйича Томонлар конференцияси (COP14) ва Иқлим ўзгариши Форумига таклиф этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш