Покистон компанияси Жиззах вилоятида зайтун плантацияларини ташкил этади
Октябрь 06, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 101ИСЛОМОБОД, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан ушбу мамлакатнинг етакчи компанияларидан бири — “WaterCon” делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, сафар давомида “WaterCon” компанияси вакиллари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигида қатор музокаралар ўтказдилар. Учрашувларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва замонавий тизимларни татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокараларнинг энг муҳим амалий натижаси ўлароқ, “WaterCon” компанияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида 500 гектар майдонда замонавий зайтун плантациясини барпо этиш, шунингдек, зайтун маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида зайтунни саноат усулида қайта ишлаб, уни қадоқлаган ҳолда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот сифатида “Made in Uzbekistan” бренди остида хорижий бозорларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Томонлар лойиҳани муваффақиятли бошлаш учун зарур инфратузилмани шакллантириш ва ташкилий ишларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

