Logo

Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим соҳаси вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Май 29, 2025. 16:13 • 2 дақ

90
Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим соҳаси вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

ДЕҲЛИ, 29 май. /"Дунё" АА/. Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим тизими вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси ва Ҳиндистон компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган Таълим ва бизнес форумида икки мамлакат университетлари, институтлари ҳамда ёшларга таълим хизмати кўрсатадиган агентликлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимиз таълим тизимини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган тизимли саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.

Олий таълим соҳасида замонавий ва талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашда эришилаётган натижалар Ўзбекистон университетларининг халқаро жозибадорлигини оширишга хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим тизимидаги янгиланиш жараёни самарасида Ўзбекистон университет ва институтларини танлаётган хорижлик ёшларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда 10 минг нафарга яқин ҳиндистонлик йигит ва қизлар Ўзбекистон олий билим юртларида таҳсил олмоқда.

– Йилдан йилга Ўзбекистонда таълим олаётган ҳиндистонлик талабаларнинг сони ошиб бормоқда, – деди "MD House" компанияси директори Сунил Шарма. – Гап шундаки, бизнинг ёшлар университетларда ўқиш билан бир қаторда ўзбек халқининг меҳмондўстлигини ҳис қилмоқда. Ота-оналар, бўлажак талабалар, турли агентликлар раҳбарлари қатнашган бугунги форумдан сўнг янада самарали кўрсаткичларга эришамиз, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон ҳинд ёшлари учун тиббиёт ва бошқа йўналишларда замонавий таълим олиш учун жозибадор маскан бўлиб қолмоқда.

Таълим ва бизнес форумида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Жиззах, Қарши ва бошқа шаҳарларда фаолият юритаётган олий билим юртлари салоҳияти тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистон билан савдо-сармоявий ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш