Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Декабрь 14, 2025. 12:22 • 2 дақ
• 139ҚОҲИРА, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатининг етакчи вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур форумнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, текстиль ва тикув-трикотаж саноатидаги янги имкониятларни муҳокама қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда корхоналар ўртасида бевосита бизнес алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Мисрнинг “Bukhara Textile Cotton”, “Tashkent Cotton Textile”, “Lufian Tex”, “Smart Apparel”, “T&C Garment”, “Erak Giyum”, “Lotus”, “Sheeba International” ва бошқа пахта-тўқимачилик кластерлари, ип-калава, мато ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи йирик компаниялари қатнашди. Унда иштирокчилар экспорт-импорт салоҳияти, мавжуд талаб, ишлаб чиқариш стандартлари ва логистика йўналишлари ҳақида маълумот алмашдилар.
Шунингдек, форум доирасида B2B учрашувлари ўтказилиб, томонларни қизиқтирган йўналишлар белгилаб олинди. Кўплаб компаниялар ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотларнинг синов партияларини етказиб бериш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва узоқ муддатли шартномалар тузиш имкониятларини муҳокама қилди. Хомашё етказиб беришнинг барқарор занжирларини шакллантириш, ишлаб чиқариш технологияларини модернизация қилиш ва тажриба алмашишни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида мулоқотни мунтазам давом эттириш, қўшма семинар ва кўргазмалар ташкил этиш, ўзаро ишбилармонлик ташрифларини ривожлантиришга келишиб олинди. Қоҳирадаги тўқимачилик форуми Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлади.
Миср Тўқимачилари палатаси раиси Ҳамди Абу ал-Анайн Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатида минтақада юқори салоҳиятга эга давлат эканини таъкидлаб, мамлакатимиздаги ушбу соҳада фаолият юритаётган компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилганини билдирди. Томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон маҳсулотларини Мисрда биргаликда ишлаб чиқариш ва хорижий бозорларга экспорт қилиш, омборхона ва шоу-румлар ташкил этиш, савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди



