Ўзбекистон вакиллари ШҲТни ривожлантириш масалаларига бағишланган анжуманда иштирок этди
Июнь 10, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 26
ШАНХАЙ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Шанхай халқаро тадқиқотлар академиясида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллиги: глобал бошқарувда янги вазифалар ва янги қадамлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон ва Россиянинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари ҳамда таҳлилчилари қатнашди. Ўзбекистон номидан Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Миллий университет мутахассислари иштирок этди.
Иштирокчилар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, глобал бошқарувнинг замонавий концепциялари ва уларда ШҲТнинг ўрни, ташкилотнинг глобал хавфсизликни таъминлашга қўшаётган амалий ҳиссаси ҳамда жаҳон тараққиёти жараёнларидаги иштироки хусусида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Тадбир давомида ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун зарур бўлган янги йўналишлар ва чора-тадбирлар юзасидан тегишли таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Шанхай халқаро тадқиқотлар академияси 1960 йилда Хитойнинг халқаро муносабатлар, ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш мақсадида ташкил этилган. Академия бевосита Хитой Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси