Владикавказдаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига доир масалалар муҳокама қилинди
Июнь 10, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 74ВЛАДИКАВКАЗ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ватандошларнинг минтақада бўлиши билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш ҳамда ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Россиянинг Шимолий Осетия – Алания Республикасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Россия ТИВнинг Шимолий Осетия – Алания Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Багир Мамиев ва республика ички ишлар вазири ўринбосари Анфиса Кондаурова билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар чоғида юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Владикавказ шаҳридаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида сақланаётган ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнларини тезлаштириш, миграция соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, консуллик округи ҳудудидаги жазони ижро этиш тизими муассасаларида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларини консуллик қабулларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Владикавказ шаҳридаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида сақланаётган 12 нафар Ўзбекистон фуқароларидан олти нафарини қисқа вақт ичида Грозний халқаро аэропорти орқали ватанга қайтаришни ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Ташриф давомида дипломатлар Владикавказдаги “Ўзбек миллий-маданий бирлашмаси” раҳбари Суярқул Ўроқов ва “Инвестиция” қурилиш компаниясида ишлаётган меҳнат муҳожирлари билан ҳам учрашди.
Мулоқот чоғида ҳужжатларни расмийлаштириш, Россия миграция қонунчилигига риоя қилиш ва хорижий фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Фуқароларни гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ғайриқонуний фаолиятга жалб этилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ватандошларга, шунингдек, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижда бўлиб турган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашувлар якунида Ўзбекистон фуқароларининг республика ҳудудида қонуний бўлиб туришини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

