Ўзбекистон ва Покистон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кўп қисмли тарихий бадиий фильм суратга олишга тайёргарлик кўрмоқда
Июнь 09, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 40
ИСЛОМОБОД, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атаулла Тарар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида шу йил февраль ойида Исломобод шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашув якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ахборот алмашиш, телевидение, оммавий коммуникациялар ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, биргаликда фильмлар суратга олиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган кўп қисмли тарихий бадиий фильм суратга олиш, Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистонга махсус пресс-тур ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Қўшма телелойиҳалар, видеороликлар ва махсус репортажлар тайёрлаш, икки давлат ОАВ вакиллари иштирокида малака ошириш курслари, тренинглар ва медиа-форумлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Вазир Атаулла Тарар шу йилнинг 5–6 февраль кунлари Ўзбекистон Президентининг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи сермаҳсул бўлгани, мазкур ташриф стратегик ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштиришда муҳим босқич бўлганини таъкидлади.
“Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган ташрифларига бағишланган махсус ҳужжатли фильм яратиш устида ишлаяпмиз. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган қисқа метражли фильм яратишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Фильм Бобурнинг болалик даври, ушбу минтақага келиши ва ўз империясига асос солиши ҳақида бўлади”, – деди федерал вазир.
Томонлар Бобур фаолиятига бағишланган фильмни ҳамкорликда яратиш ишларини бошлаш мақсадида Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ҳамда Покистон Ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазирлиги мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этишга келишиб олди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳақида туркум материаллар тайёрлаш мақсадида биринчи босқичда покистонлик таниқли блогерларни, иккинчи босқичда эса Покистон телекомпаниялари, босма ва электрон нашрлари вакилларидан иборат ижодий делегацияни Ўзбекистонга юбориш таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси