Сирдарё вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида самарали келишувларга эришилди
Декабрь 22, 2023. 11:54 • 2 дақ
• 618
СЕУЛ, 22 декабрь. «Дунё» АА/. Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Ботиров бошчилигидаги делегация Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг бир қатор компаниялари ва олий таълим муассасаси раҳбарияти билан самаралари музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, «DHMT Global» корпорацияси президенти Те Сук Ли билан мулоқот чоғида мазкур корпорация билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокара якунида вилоятнинг Мирзаобод туманида «Komt» бренди остида электроника ва микро-электроника йўналишида корхона барпо этиш бўйича инвестицион келишувга эришилди.
Келишувга мувофиқ, қурилиш ишлари 2024 йил февралдан июль ойига қадар давом этади. Ишлаб чиқариш жараёнларига 3 нафар жанубий кореялик тажрибали эксперт ва маҳаллий мутахассислар жалб қилинади. Шунингдек, корхонанинг ўзида ишсиз ёшлар сервис хизматига ўқитилади. Маҳсулотларни тўлиқ экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.
«Evervolution Со.» компанияси директори Жунг Те Кун билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Гулистон туманидаги фойдаланилмай турган ва ўзлаштириладиган ерларда Жанубий Корея тажрибаси асосида қиймати 12 миллион долларлик янги замонавий интенсив гилос боғи яратиш бўйича меморандум имзоланди.
Вилоятда етиштирилаётган мева ва сабзавотларнинг сифати жуда юқори эканини, бироқ уларни қайта ишлаш орқали таниқли бренд яратмасдан туриб халқаро бозорларда муқим жой олиш осон бўлмаслигини қайд этган кореялик ишбилармонлар, бу борада ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.
Бугунги кунда Жанубий Кореянинг энг илғор олийгоҳларидан бири бўлган, дунёнинг 76 та мамлакатидан келган 2 минг нафардан зиёд хорижлик талабаларга илм бераётган «Sun moon» университети президенти Сеон Жу Хван ҳамда университет илмий жамоаси билан ўтказилган учрашувда вилоят иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Сўнги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илм-фан ва таълим ривожи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани энг тўғри йўл эканини эътироф этган Сеон Жу Хван ҳамкорлик алоқаларини «Чунгнам – Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш лойиҳаси»нинг давоми сифатида кенгайтиришга тайёрлигини айтди.
Вилоятда «Sun moon» университети таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш, кореялик профессор-ўқитувчиларни Сирдарёга жалб қилиш, биргаликда илмий форумлар ташкил этиш, қўшма тадқиқот ва ишланмаларни йўлга қўйиш каби масалаларда ҳам ҳамкорлик келишувига эришилди.
Шу ернинг ўзида Чунчон-Намдо провинцияси расмийлари ва 16 та фаол компаниялари вакиллари иштирокида бизнес форуми ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси