Logo

Ўзбекистон ва Эрон савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда

Апрель 17, 2024. 08:29 • 54 сония

393
Ўзбекистон ва Эрон савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда

ТЕҲРОН, 17 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Эроннинг тегишли вазирлик ҳамда ташкилотларининг мутасадди вакиллари ўртасида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Учрашувда Ўзбекистон томонидан транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, тоғ-кон саноати вазирининг биринчи ўринбосари Азам Кадирходжаев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Азизбек Салоҳиддинов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Анвар Давлетов, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашди. Эрон томонидан эса саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари Меҳди Зейғамий, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Эрон компаниялари иштирокида умумий қиймати 160 миллион долларга тенг бўлган 29 та қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Хоразм вилоятида Эрон компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ва 23 та инвестициявий лойиҳага ҳамкорлар топиш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида Эрон элчиси Муҳаммад Али Искандарийнинг Хоразм вилоятига ташрифини уюштириш ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳамда таклиф этилаётган инвестициявий лойиҳалар тақдимотини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш