“Насаф” Кувайтда реванш учун майдонга тушади
Ноябрь 03, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 107
АЛ-КУВАЙТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 2 ноябрь куни “ОФК Чемпионлар лигаси – 2” мусобақасида иштирок этаётган Қаршининг “Насаф” жамоаси футболчилари Ал-Кувайт халқаро аэропортида кутиб олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
4 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да “Насаф” жамоаси гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида мезбонларнинг “Kuwait SC” клубига қарши баҳс олиб боради.
Мазкур учрашув ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Қарши шаҳрида бўлиб ўтган дастлабки учрашувда кувайтликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу боис, ушбу баҳсда “Насаф” жамоаси мағлубият учун муносиб жавоб қайтариш ва муҳим очколарни қўлга киритишни мақсад қилган.
Жамоа мутасаддилари билан бўлган суҳбатда футболчиларнинг кайфияти юқори экани, бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланди. Қаршиликлар майдонга фақат ғалаба учун тушиш, бор куч ва имкониятларини ишга солиб, мухлислар ишончини оқлаш ҳамда реванш олиш учун ҳаракат қилишини билдиришди.
Рақиб жамоа – Кувайтнинг профессионал “Kuwait SC” клуби мамлакат футболида ўз ўрнига эга бўлган жамоалардан бири ҳисобланади. Клуб Кувайт Премьер-лигасида 21 марта чемпионликни қўлга киритган ва ўз тарихида 60 дан ортиқ совринга сазовор бўлган. “Kuwait SC” 2009, 2012 ва 2013 йилларда ОФК кубоги ғолиби бўлиб, Осиё футболида ҳам муносиб натижалар қайд этган.
Қизиғи шундаки, “Насаф” ва “Kuwait SC” жамоаларининг ўзаро тўқнашуви бундан 13 йил аввал ҳам катта тарихий аҳамият касб этган. Ўшанда Қарши шаҳрида ОФК кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтган ва унда “Насаф” рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор ОФК кубогини қўлга киритган эди.
Эндиликда икки жамоа яна халқаро майдонда куч синашмоқда. Бу галги баҳснинг аҳамияти анча юқори. “Насаф” учун мазкур учрашувда ғалаба қозониш ва кейинги босқичга чиқиш учун муҳим очколарни қўлга киритиш алоҳида аҳамиятга эга.
Юртдошларимизга бўлажак учрашувда омад ва ғалаба тилаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси