Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Октябрь 28, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 129
ЛОНДОН, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси делегациясининг Буюк Британияга ташрифи ташкил этилди , деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида мазкур мамлакат давлат органлари, суд тизими ва етакчи олий ўқув юртлари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, Шимоли-ғарбий минтақа аксилтеррор полицияси, Қироллик прокуратура хизмати, Манчестер Қироллик суди ва қатор соҳавий ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Делегация терроризмга қарши курашиш, тергов ва суд тизимларининг ташкилий асослари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастурда гувоҳлар ва жабрланувчиларга кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга амалий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизимлари фаолияти ўрганилди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Солфорд ва Шарқий Лондон университетлари, шунингдек, Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби вакиллари билан академик тажриба алмашиш, таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Делегация ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун мутахассислар тайёрлаш жараёни, тергов ҳаракатларини ўтказиш учун махсус ўқув полигонлари ва виртуал симуляция дастурлари билан яқиндан танишди.
Ўтказилган учрашувлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида тажриба алмашиш, прокурорлик ва суд амалиётини ўрганиш, гувоҳлар ҳамда жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, замонавий таълим технологияларини жорий этиш соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим имкониятлар яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси